Россия-Украина урушида Шимолий Корея қўшинларининг тузатиб бўлмайдиган йўқотишлари 1100 кишини ташкил этади, деб хабар бермоқда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги мамлакат штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб.
Аввалроқ Associated Press агентлиги исмини ошкор этмаган юқори мартабали ҳарбий амалдорга таяниб, Курск вилоятида Шимолий Кореянинг “бир неча юз” аскари яралангани ёки ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Агентлик маълумотларига кўра, КХДР ҳарбийлари жанговар тажрибага эга бўлмагани учун йўқотишларга дуч келган.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Пхенян, эҳтимол, Россияга қўшимча аскар ва ҳарбий техника жўнатишни режалаштирмоқда. Разведка таҳлиллари Россия ҳудудида жойлашган Шимолий Корея қўшинлари сонининг айланиши ёки кўпайиши мумкинлигини кўрсатади.