Бугун 18 сентябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Шифохоналарга мурожаатлар сони 19,1 фоизга камайди

Шифохоналарга мурожаатлар сони 19,1 фоизга камайди

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан аҳолини бирламчи бўғинда стационар даволаш тизими такомиллаштирилди.

🏥 Таъкидлаш жоизки, аввалари бирламчи бўғин муассасаларидаги кундузги шифохоналардан етарлича фойдаланилмас эди. Баъзи оилавий поликлиникаларда кундузги стационар учун хона етишмаса, бошқаларида турли сабаблар билан шифо ўринлари ташкил этилмаганди.

✅ Бугунги кунга келиб, республикамиздаги оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги кундузги стационарларда 19,3 мингта кундузги шифо ўрни ташкил этилган. Бунда имкониятлардан келиб чиққан ҳолда оилавий шифокор пунктларида 6 тагача, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда 20 тагача кундузги шифо ўринлари яратилган. Уларда ишлайдиган тиббиёт ходимлари иш ҳақига қўшимча устама тўланиши йўлга қўйилди.

🕗 Кундузги стационарларда тиббий хизматлар кўрсатиш вақти 13:00 дан 20:00 гача узайтирилгани уларнинг иш фаолиятидаги асосий янгиликлардан бири бўлди.

📉 Қолаверса, худди шу янги тизим орқали 558 минг нафар беморга оиласидан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилди ва натижада шифохоналарга мурожаатлар 19,1 фоизга камайди.

❓Кундузги стационарларда ўзи кимлар даволаниши мумкин?

😷 Бу муассасаларда даволаниш учун ўткир, сурункали касалликларнинг ремиссияси ёки субремиссияси давридаги, реабилитация ва соғломлаштириш муолажаларига муҳтож бўлган беморлар оила шифокори ёки тор соҳа мутахассиси йўлланмаси асосида юборилади.

💊 У ерда муолажа олаётганлар врач ва ҳамширанинг доимий назоратида бўлади. Беморларга кафолатланган пакет доирасида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, дори воситалари бепул тақдим этилади.

💉 Масалан, беморлар кундузги стационарларда тегишли лаборатория ва диагностика текширувларидан ўтиши, физиотерапия, инфузион терапия, реабилитацион муолажалар каби тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкин.

🏢 Бир сўз билан айтганда, бугун бирламчи бўғиндаги такомиллашган кундузги стационарлар беморларнинг вақти ва маблағини тежаб, уларга туну кун сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган ўзига хос кичик шифохона бўлиб хизмат қилмоқда.

Киритилди: 10:01 16.07.2024. Ўқилди: 626 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!