Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Эрон ҳудудига берилган ҳарбий зарбаларни қоралаш бўйича аввал билдирилган позициясини яна бир бор тасдиқлади.
Бу ҳақда Кремль сайтида эълон қилинган ШҲТ декларациясида маълум қилинди.
«Аъзо давлатлар Эрон Ислом Республикаси ҳудудига берилган, тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга ва мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказилишига олиб келган ҳарбий зарбаларни қоралаш бўйича ШҲТнинг аввал билдирилган позициясини тасдиқлайди», — дейилади ҳужжатда.
ШҲТга аъзо мамлакатлар Эрон атрофидаги вазият ривожидан ҳам жиддий хавотир билдирган.
Декларацияда таъкидланишича, бундай ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрларига, шунингдек, БМТ Низомига зид ҳисобланади.
Ташкилот аъзолари бу каби ҳаракатлар халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик учун жиддий хавф туғдиришини ҳам қайд этган.