Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни Туркманбоши шаҳридаги "Аваза" миллий туризм ҳудудида ўтаётган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этди.
Президентимиз ўз нутқида 6 та муҳим таклифни илгари сурди.
"Бугун умумий таҳдид ва муаммоларни енгиб ўтиш бўйича аниқ, амалий ва институционал жиҳатдан таъминланган қарорлар ўта муҳимдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон қуйидагиларни таклиф этади.
Биринчидан, халқаро транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини жадал ривожлантириш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатлар зарур.
Биз Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлини қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш тарафдоримиз. Ушбу истиқболли йўлакни қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл магистрали билан боғлаш кенг минтақамизда янги савдо-иқтисодий макон ва барқарор транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун катта имкониятлар очади.
Биз, шунингдек, Ўрта йўлакни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз. Уни тўлиқ ишга тушириш учун, биринчи навбатда, келишилган транзит сиёсати, тартиботларни соддалаштириш ва контейнерларда юк ташиш учун мақбул тарифларни жорий этиш муҳимдир.
Иккинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Бундай механизм портлар ва коммуникациялардан адолатли фойдаланиш шартларини таъминлайди, юк ташишда хавф-хатарларни пасайтиради, глобал логистикада тенгсизликни камайтиришга хизмат қилади.
Учинчидан, йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун мослашувчан инвестиция воситаларига талаб тобора ўсиб бормоқда.
Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун зарур бўлган сармоялар йилига қарийб 40 миллиард доллар, деб баҳоланмоқда.
Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг логистика интеграциясига кўмаклашиш жамғармасини таъсис этишни таклиф этамиз. Ушбу жамғармага донор мамлакатлар, халқаро ривожланиш институтлари ва глобал дастурлар ресурсларини кенг жалб этиш мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг Заифлик глобал индексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурамиз.
Бу мамлакатларимизнинг транзит борасида чекланган имкониятларини холис кўриб чиқиш ва мавжуд шароитлардан келиб чиқиб, халқаро молиявий-техник дастурларни кенгайтириш ва ресурсларни самарали тақсимлашнинг таъсирчан воситасига айланади.
Энг асосийси – ушбу индекс мамлакатларимизнинг рақобатбардошлиги ва ишбилармонлик муҳитини адолатли баҳолашда ҳисобга олиниши керак.
Бешинчидан, Ўзбекистонда агротармоқни ривожлантириш учун Инновацион хабни яратиш бўйича таклифимизни амалга ошириш принципиал аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Мазкур хаб мослашувчан агротехнологияларни татбиқ этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид инновацион лойиҳаларни илгари суриш, ўзаро билим ва тажриба алмашишга хизмат қилади.
Олтинчидан, умумий таҳдидларни биргаликда бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга мамлакатларимиз етакчи экспертлари ва “ақл марказлари”ни фаол жалб этиш муҳим.
Бу борада халқаро анжуман ва давра суҳбатлари ўтказишни таклиф қиламиз. Бундай тадбирлар кун тартибига глобал ишлаб чиқариш занжирларига мамлакатларимизнинг чуқур интеграциясини таъминлаш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жадал ривожлантириш, трансчегаравий инвестицияларни кенгайтириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалаларини киритиш мумкин.
Ўзбекистон, шунингдек, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Халқаро таҳлил маркази фаолиятига қўшилиш ниятида", — деди Шавкат Мирзиёев.