Бугун 3 май, 2024 йил, жума

O'ZB

Сенат Раиси Қашқадарё вилоятидаги қатор саноат корхоналарида бўлди

Сенат Раиси Қашқадарё вилоятидаги қатор саноат корхоналарида бўлди

Хабар бериб бораётганимиздек, Олий Мажлис Сенати Раиси амалий ташриф билан Қашқадарё вилоятида бўлиб турипти.

Ташриф доирасида Танзила Нарбаева вилоятдаги қатор корхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Қашқадарё вилоятида бугун саноат жадал ривожланиб, ишлаб чиқариш қувватлари кенгайиб бормоқда. Касби туманидаги лойиҳа қиймати 2,2 млн доллар бўлган «SULTON TEX GROUP» хусусий корхонаси ҳам шулар жумласидан бўлиб, айни пайтда бу ерда 500 нафар иш ўрни яратилган.

Сенат Раиси асосан туман ҳудудида истиқомат қилувчи аёллар фаолият олиб борадиган корхонада уларга яратилган меҳнат шароитлари билан танишди, ишчилар билан суҳбатлашди. Корхонада ўқув маркази ҳам ташкил этилган бўлиб, уни битирган хотин-қизлар шу ернинг ўзида иш билан таъминланмоқда.

Шунингдек, Т.Нарбаева Косон тумани Месит маҳалласидаги “Бунёдкор” пахта-тўқимачилик кластерига тегишли тикувчилик корхонасида ҳам бўлди. Кластерда пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ саноат «занжири» яратилган. Туркия ва Италиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган мазкур корхона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Юқори сифатли кийим-кечаклар экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

320 нафар иш ўрни яратилган корхона мутасаддилари ва ходимлари билан суҳбат жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган аёлларни иш билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Қарши шаҳридаги «Буюк Турон» кичик саноати зонаси Сенат Раисининг навбатдаги ташриф манзили бўлди. Бу ерда «S-Smart» бренди остида сўнгги авлод телевизорларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилди.Воҳада яшона бўлган корхона маҳсулотлари маҳаллий бозорда талабгор бўлиши билан бирга, ҳорижга ҳам экспорт қилинмоқда.

Бу ерда хотин-қизларнинг электроника соҳасида ишлаётгани ва маҳалла ёшлари ҳам иш билан таъминлангани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, шу каби корхоналар кўпайса, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароити янада яхшиланиши таъкидлаб ўтилди.

Киритилди: 15:27 20.04.2024. Ўқилди: 747 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!