Ўқиш бошланишига икки ҳафта вақт қолди. Табиийки, шу кечаю-кундузда аксарият ота-оналарни болани мактабга тайёрлаш: ўқув қуролларини олиб бериш масаласи ўйлантирмоқда. Уларнинг аксарияти мақбулроқ нархдаги товарларни харид қилиш истагида яқинда иш бошлаган "мактаб бозорлари"да бўлишга улгургандир ҳам.
Савдогарларнинг айтишича, товарлар нархида ўтган йилгига нисбатан фарқ унчалик катта эмас.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ташкил этилган мактаб бозорлари - бу қўшимча савдо расталарими ёки арзонроқ нархда товар харид қилиш имконини берувчи жой? Бунга аниқлик киритиш учун Sputnik Ўзбекистон мухбири Тошкентнинг турли туманларида ташкил этилган мактаб бозорларида бўлди.
Туманлар кесимида ташкил этилган мактаб бозорларидаги нархларни солиштиришнинг имкони йўқ. Фақат бир нарса қувонтиради, нархлар ўтган йилдагидан кўпам фарқ қилмаяпти. Энг арзон ручка, дафтар, қалам ва рюкзак ҳақидаги саволларимдан сўнг, савдогар аёл кичик сирни очади: "Фарзандингиз учун жами мактаб қуролларини 100 минг сўмга ҳам харид қилишингиз мумкин, гап чўнтак қайси нархни кўтаришида!".
"Айрим ота-оналарга арзон товарларни таклиф этсак, менга сифатлисини беринг, дейишади. Мана, яқинда бир ота 200 сўмдан олган ручкасини қайтариб олиб келди. "Менга дафтарни тирнайдиган эмас, ёзадиган ручка беринг", дея, ўрнига минг сўмлик ручкадан олди", - гапида давом этади суҳбатдошим.
Мактаб бозорларида, ҳақиқатда, чўнтак имкониятидан келиб чиқиб, исталган нархдаги мактаб ўқув-қуролларини харид қилиш мумкин. Дейлик, оддий ручкалар 220 сўмдан тортиб 4 минг сўмгача, рангли қаламлар 6 минг сўмдан 30 минг сўмгача бўлган нархларда сотилмоқда. Рюкзаклар (сумкалар) ҳам худди шундай. Таклифлар қирқ минг сўмдан бошланиб 170 минг сўмгача боради.
Рюкзаклар нархи 40 минг сўмдан бошланади. Сўнгги модадагиси - ичида мобил телефонни заряд қилишга мўлжалланган USB-порт бўлган рюкзаклар - 70 мингдан бошлаб сотилмоқда
Умуман, ярмаркалардаги товарлар хилма-хиллиги аллақачон одатий ҳолга айланган. Кундаликларни айтмайсизми: Ўзбекистон байроғи акс эттирилган ватанпарварлик руҳидагисидан тортиб, чет эл футбол юлдузлари ва машҳур мультқаҳрамонлар акс этганларигача бола хоҳишига қараб танлайверасиз. Истасангиз, хитой молидан ҳам арзон маҳаллий ишлаб-чиқарувчилар томонидан яратилган устига чарм қопланганини олинг, нархлар 3 минг сўмдан бошланади.
Товарлар нархи турли расталарда турлича. Бўёқлар 8 минг сўмдан то 20 минг сўмгача сотилмоқда
Дафтарлар масаласи яна-да қизиқ. Мисол учун, 12 вароқли дафтарлар алоҳида олганингизда 450-500 сўмдан тушса, "Ипподром"даги мактаб бозорида айрим расталар жами мактаб қуролларни улардан харид қилсангиз, дафтарларни сизга 100 сўмдан ёки умуман бепул бериш бўйича ўзига хос акцияни йўлга қўйган. "Мактаб бозоригами?", деган саволга "ҳа", деб қўйсангиз бўлди, қўлингиздан тортиб, растаси олдида турган курсига ўтирғизиб, сиз билан қизғин савдони бошлашади.
Бу ерда бир нарсага эътибор қаратиш керак, дейлик, мабодо нархларни яхши билмасангиз, нариги растада 12 минг сўм турган ҳамма мақтаётган юмшоқ рангли қаламларни "арзон дафтарга учиб" 20 минг сўмга харид қилиб қўйиш хавфи йўқ эмас.
Бу йилги ўқув қуроллари орасида қандай янги товарлар борлигига қизиқаман.
Менга телефонни қувватлантириш имконини берувчи USB-портли рюкзакларни, қулфланадиган сумка-пеналларни, чапақайлар учун махсус ручкаларни, камалак рангли силикон қутига солинган ўчирғичларни кўрсатишди.
"Пеналга қулфнинг нима кераги бор?", - сўрайман товарини менга мақтаётган, тахминимча ҳали ўзи мактаб ўқувчиси бўлган йигитчадан.
"Ота-оналар кўп сўраяпти. Яхши-да, фарзандингиз мисол учун, пул солиб қўйиши мумкин, ҳеч ким тегинмайди. Кейин сумкачага ўхшатиб алоҳида ўзи билан олиб юрса ҳам бўлади", - тушунтиради менга йигитча ўзининг товарни таърифлай олаётганидан ҳатто бироз ғурурланиб. Аммо пластмасса илгакларга осилган қўпол кодли қулф нимагадир менда ишонч уйғота олмади. Ўрнига оддий ва фойдаланишга қулай пенални танлайман. Дарвоқе, пеналлар нархи 8 минг сўмдан бошланади, болакай мақтаган супер-кодли сумка-пенал учун эса 45 минг сўм санаб беришингизга тўғри келади.
Мактаб ўқувчисини арзон нархда кийинтирмоқчи бўлганлар, албатта Ипподром бозорини маъқул кўришади. Бугун бу ерда 6-11-синф ўқувчи қизлари учун кофта-юбкалар 250 минг сўмгача, ўғил болалар учун мактаб формалари ҳам тахминан шу нархда сотилмоқда.
Бошланғич синф ўқувчилари учун қора ва тим кўк рангдаги шимлар - 60 минг сўм, оқ кўйлаклар - енги калтаси - 30 минг сўм, енги узуни 50 минг сўм турибди.
Болалар учун тайёр мактаб формалари нархи 250 минг сўмни, костюм-шимлар нархи 180-350 минг сўмни ташкил этмоқда. Пойабзаллар - 90 минг сўмдан бошланади.
Фарзандини мактабга тайёрлаётган ота-оналарга берадиган биргина маслаҳатим, мактаб бозорларига борганингизда, аввал айланиб, нархлар ва товарлар ассортименти билан обдон танишиб чиқинг, танланг ва шундан сўнг харид қилинг. Таклиф этилаётган "бепул" дафтарлар сирини эса сизга юқорида очиқладик.