Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Сардоба фожиасидан жабрланган фуқароларга янги хонадонлар қуръа ташлаш натижасига кўра тақсимланиши маълум қилинди

Сардоба фожиасидан жабрланган фуқароларга янги хонадонлар қуръа ташлаш натижасига кўра тақсимланиши маълум қилинди

Сардоба фожиасидан жабр кўрган ва уйлари бузилган аҳоли учун уч ҳудудда 2 минг 640 та хонадон қуриб битказилди. «Янги Ўзбекистон», «Навбаҳор» ва «Дўстлик» маҳаллаларида барпо этилган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар фуқароларга қуръа ташлаш орқали тақсимланади. Бу ҳақда 29 октябрь куни вилоятга уюштирилган пресс-турда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.

Маматовнинг таъкидлашича, кўп қаватли уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватлари имконияти чекланган фуқароларга берилади. Хонадонлар шаффофлик ва адолат мезонига асосан тақсимланади.

«Мазкур кўп қаватли уйларни одилона ва шаффоф тақсимлашда аввало ногиронлиги бўлган фуқароларимизга эътибор қаратмоқчимиз. Маҳаллий кенгаш ва вилоят депутатлари билан келишган ҳолда имконияти чекланган фуқароларни биринчи ва иккинчи қаватга жойлаштирамиз. Қолган фуқароларга хонадонларни ажратиб беришда адолатсизлик бўлмаслиги учун қутича ясалган. Унда хонадонлар рақамлари ёзилган бўлади. Фуқаро рақамни олганидан кейин рўйхатга имзо қўяди ва ўша рақамли хонадон уники эканлиги расмийлаштирилади. Буларнинг барчаси видеотасвирга туширилади.

Уйлари талафот кўрган фуқароларнинг ҳужжатлари яшил ва қизил йиғма жилдларга бўлинади. Яшил жилддаги фуқаролар хонадонларни тақсимлашда ўтказиладиган қуръа ташлаш жараёнида иштирок эта олади. Қизил йиғма жилддаги фуқароларнинг ҳужжатларидаги камчиликлар бартараф этилганидан сўнг яшил йиғма жилдга айланади ва уларга ҳам хонадонлар қуръа ташлаш орқали ажратилади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, сув тошқинигача 170 дан ортиқ оила 1 ва 2 хонали уйларда яшаган. Улар қуръа ташлаш вақтида иштирок этмайди. Чунки уларга 3 хонали уйлар тўғри келиб қолиши ва адолат бузилиши, норозилик келиб чиқиши мумкин. Уларга мазкур тадбирнинг давоми сифатида бошқа категорияда уйлар тақсимланади. Юқорида айтганимдек, улар 1 ва 2 хонали уйда истиқомат қилиб келишган», — деди Раҳмат Маматов.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири қуръа ташлаш жараёни қачон ўтказилиб, уйлар қанча муддатда топширилишига оид саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Айни пайтда 1500 га яқин оила ҳужжатлари камчиликсиз қўлимизда турибди. Биз қуръа ташлаш жараёнига тайёрмиз. Аммо қурилиш ишлари ҳали охиригача якунланмади. Қурувчилар уйларни бекам-у кўст қилишгач, қуръа ташланади», — деди Маматов.

Киритилди: 17:04 31.10.2020. Ўқилди: 2130 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!