“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов ўтказган танқидий йиғилишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун Термиз, Жиззах, Мароқанд ҳамда Кучлик нефть базалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Қайд этилишича, йиғилишда нефт базалар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этган. Унда нефть базалар фаолиятини соғломлаштириш, молиявий-интизомий ҳолатни яхшилаш, солиқ юкини оптималлаштириш, ишчи-хизматчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ҳамда ўртача иш ҳақини ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Йиғилишда аҳолига ҳалоллик, поклик ва очиқлик тамойиллари асосида хизмат кўрсатиш орқали сифатли нефть маҳсулотларини етказиб бериш устивор масалалар бўлиши лозимлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, Абдуғани Сангинов ўтган ойда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқарув раиси этиб тайинланганди.