Санэпидқўмита аҳолидан кўча-кўйларда, белгиланмаган жойларда сотилаётган музқаймоқлар, айниқса фрезерли ускуналарда тайёрланган музқаймоқларни (қуйма) харид қилмасликни сўради.
Хабарга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 407-сонли "Юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар томонидан савдо фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан музқаймоқлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган турғун ва кўчма савдо нуқталарда сотилишига рухсат этилади.
Келтирилишича, бундай ҳолатда сотилмаган музқаймоқларни ейиш оқибатида овқатдан заҳарланишлар, ўткир юқумли ичак касалликлари келиб чиқиши мумкин. Шу сабабли қуйидагиларга риоя қилиш сўралди:
— музқаймоқлар сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари мавжуд бўлганида савдо қилиниши, қадоқланган музқаймоқлар талаб этилган ҳароратда музлаткичларда сақланиши шарт;
— музқаймоқларни харид қилишда уларни сақлаш шароити, қадоғи ва ундаги истеъмол муддатига доимо эътибор бериш керак;
— музқаймоқ сотувчилари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 200-сонли буйруғи асосида тиббий кўрикдан ўтишлари ва махсус кийим билан таъминланишлари талаб қилинади.