2026 йил 31 майдан 6 июнгача Самарқандда Global экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси бўлиб ўтади. Бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан биридир. Бундай даражадаги тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг глобал экологик майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
GEF Ассамблеяси 180 дан ортиқ давлат, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштиради. Муҳокамалар марказида иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни сақлаш, ер деградациясига қарши курашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда “яшил” иқтисодиётга ўтиш масалалари туради. Ўзбекистон учун бу нафақат эришилган натижаларни намойиш этиш, балки янги стратегик ҳамкорликларни шакллантириш майдонидир.
Ассамблеянинг Самарқандда ўтказилиши мамлакатимизнинг глобал экологик сиёсатда фаол иштирокчи сифатидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлайди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Оролбўйи экотизимини тиклаш, Орол денгизи тубини кенг кўламда кўкаламзорлаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича изчил ташаббусларни илгари сурмоқда. Ассамблея ушбу ютуқларни кенг халқаро аудиторияга тақдим этиш ва қўшимча қўллаб-қувватлашни жалб қилиш имконини беради.
Муҳим натижалардан бири — молиявий ресурсларга кириш имкониятининг кенгайишидир. GEF дунёдаги энг йирик экологик лойиҳалар донорларидан бири бўлиб, Ассамблеянинг ўтказилиши янги грант дастурлари ва инвестиция ташаббусларини ишга тушириш учун қулай шароит яратади. Бу эса барқарор қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, ноёб флора ва фауна турларини муҳофаза қилиш бўйича миллий лойиҳаларни амалга оширишда қўшимча имкониятлар очади.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳати ҳам катта аҳамиятга эга. Ассамблея доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиши, келишувлар имзоланиши ва трансчегаравий экологик масалалар бўйича қўшма ечимлар ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Бу, айниқса, Марказий Осиё минтақаси учун долзарб бўлиб, сув, иқлим ва экотизимларни сақлаш масалаларида мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этади.
Самарқандда бўлиб ўтадиган VIII GEF Ассамблеяси нафақат халқаро форум, балки Ўзбекистон учун глобал “яшил” кун тартибида ўз позициясини мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш ва миллий экологик устувор йўналишларни жадаллаштиришга хизмат қиладиган стратегик имкониятдир.