Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ноқонуний кавлаб олаётган 5 киши заҳарланди.
Маълум қилинишича, 9 январь куни соат 20:00 ларда Пахтачи тумани “Гулистон” маҳалласида яшовчи беш киши — Ж.С., Ў.Э., С.Н., Ю.А. ва Э.Б. Пахтачи тумани “Қарнабота” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қорақўтон” тоғ конига қарашли маҳаллий тил билан “Найман чуққи” шахтасига тушиб, генератор ва бошқа ускуналар ёрдамида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни кавлаб олаётганида генератордан чиққан ис газидан заҳарланган.
Оқибатда уларнинг икки нафари — Ж.С. ва Ў.Э. шахта ичи пастки қисмига йиқилиб, шахта девори тошларига урилиб воқеа жойида вафот этган. Қолган фуқаролар ис газидан заҳарланиш билан 10 январь куни соат 03:30 ларда туман марказий шифохонасига келтирилган.
Ҳозирда, икки кишининг ўлими юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан Пахтачи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.