Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитидан кейин Самарқанд шаҳрида кейинги уч йилда 4 та ерости йўлаги қуриладиган бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Самарқанд шаҳрида 2019-2022 йилларда барпо этиладиган тоннел ва кўприклар, шунингдек, қуриладиган, таъмирланадиган ва реконструкция қилинадиган автомобиль йўлларининг манзилли рўйхати тасдиқланган.
Натижада уч йил ичида лойиҳа қиймати 272 миллиард сўм, умумий узунлиги 190 метр бўлган Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишувида (53 метр), Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари кесишувида (47 метр), Даҳбед ва Ибн Сино кўчалари кесишуви (50 метр) ҳамда Рудакий ва Гагарин кўчаларининг чорраҳаларида (40 метр) ерости йўлаклари — тоннеллар қурилади.
Қурилиш ишлари республика бюджети ва "Абу-Даби тараққиёт жамғармаси" маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
"Самарқандда ерости йўлаги нега кўмиб ташланган эди? Чунки биз ундан фойдаланиш тартибига риоя қилмадик. Ҳеч бўлмаганда чиқинди ташлайдиган икки-учта қути қўйилмади. Оқибатда уни маҳкамлаб ташлашни маъқул кўрдик. Ваҳоланки, бутун дунё ерости йўлакларидан унумли фойдаланмоқда. Ҳатто ерости автомобиллари тўхташ жойлари, ҳожатхоналар қурилаётир. Транспорт ҳаракати тиғизлашган пайтда биз кўчалар торлигидан нолиб юрибмиз", дейилади вилоят матбуот хизмати хабарида.