Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Панжакент тумани орасидаги икки давлат чегараси миналардан тозаланмоқда, деб ёзмоқда Turon24.
Тожикистон Республикаси миллий хавфсизлик давлат Қўмитаси Чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот котиби подполковник Муҳаммад Улуғхўжаевнинг айтишича, икки давлат чегарасини миналардан тозалаш ишлари шу ҳудуддан бошланди. Мазкур ҳудудни миналардан тозалашда Ўзбекистон сапёрларига Тожикистон мутахассислари ҳам ёрдам бермоқда.
Чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот котибининг айтишича, амалиёт бошланишидан аввал Тожикистон Чегара қўшинлари, Мудофаа вазирлиги ва Миллий мина маркази мутахассислари киритилган икки давлат ишчи гуруҳи Тошкентдан тақдим этилган миналаштирилган ҳудуд харитасини ўрганиб чиқишган. Шундан сўнг миналарни зарарсизлантириш ишларини Самарқанд–Панжакент чегараси ҳудудидан бошлашган.
Бир неча кун олдин тожик-ўзбек чегарасини миналардан тозалаш бошлангани тўғрисида Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар Маркази раҳбари Худойберди Холиқназар маълум қилган эди.
Норасмий маълумотларга кўра, икки мамлакат ўртасидаги миналаштирилган чегара участкаларининг умумий майдони 9,5 километр квадратни ташкил қилади.
Manba: azon. uz