НАТО давлатлари Украинадаги фуқаролик нишонлари ва муҳим инфратузилмага ҳужумларни кучайтираётган, альянс аъзоларининг ҳаво ҳудудини бузаётган, киберҳужумлар уюштираётган ва иттифоқчи сув ости инфратузилмасини хариталаш учун жосуслик кемаларини жойлаштирган Россиядан реал ва давом этаётган таҳдидларга дуч келмоқда.
Бу ҳақда НАТО бош котиби Марк Рютте альянс ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилиши якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
"Бугун асосий эътибор мудофаа сармоясига қаратилди. Европа иттифоқчилари ва Канада ўз сармояларини сезиларли даражада оширмоқда - бу ижобий белги. Лекин биз кўпроқ иш қилишимиз керак", - деди у.
Рюттенинг сўзларига кўра, вазирлар Гаагада ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизини мудофаа соҳасига ажратиш мажбуриятини бажаришни муҳокама қилишган. Унинг қўшимча қилишича, бу жамоавий мудофаа учун муҳим активларни, шу жумладан илғор ҳаво мудофаа тизимларини ишлаб чиқиш ва сотиб олиш имконини беради.
"Биз яна бир бор тасдиқладикки, бу 5 фоиз Украинани қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади, чунки бу ўз хавфсизлигимизга бевосита ҳисса қўшади", — деди Бош котиб.