DeepState таҳлилчиси Роман Погорелий Киев24 эфирида маълум қилишича, Россия қўшинлари Россия Федерациясининг Курск вилоятида Украина Қуролли Кучларининг таъминот йўлларини узиб қўйиш уринишларини кучайтиряпти.
Унинг айтишича, яқинда Россия армияси чегарани кесиб ўтган Суми вилояти чегарасидаги вазият ҳамон мураккаб. Россияликлар асосий эътиборни Украина таъминот тизимини, айниқса Суджа йўналишидаги таъминотни йўқ қилишга қаратган. "Душман Суми вилоятидан Курск вилоятига борадиган асосий таъминот йўлларини назорат қилмоқда. Ҳозирда у Журавка ва Новенкий ўртасидаги ҳудудларни эгаллаб олишга уринмоқда," - деди Погорелий.
Украина мудофаа кучлари Россия армиясининг бу ҳудудда мустаҳкамланиб олишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда, чунки бу Украина Қуролли Кучларининг таъминотига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.
Погорелий вазиятни "жиддий" деб баҳолаб, агар шошилинч чоралар кўрилмаса, оқибатлар фожиали бўлиши мумкинлигини таъкидлади: "Агар биз таъминот муаммосини ҳал қила олмасак, Курск вилоятидаги позицияларни сақлаб қолишнинг иложи бўлмайди."