Украинада жанг қилаётган Россия армиясининг йўқотишлари 950 минг нафарга (ҳалок бўлган ва яраланганлар) етди. Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкаси хабар берди.
Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида Россия армияси тахминан 160 минг кишини йўқотган.
"Агар мазкур суръат сақланиб қолса, 2025 йил шахсий таркибдаги йўқотишлар бўйича Россия учун урушдаги энг оғир йил бўлади", дейилади Британия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Британия ҳарбийларининг таъкидлашича, юқори даражадаги ҳар кунлик йўқотишларга қарамай, Россия бу йил Украина ҳудудларининг муҳим қисмларини эгаллашга эриша олмаган.
Бунгача Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) Россия армиясининг уруш бошидан буён йўқотишларини 800 минг кишига баҳолаган эди. “Forbes” нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги ҳужум суръати ва йўқотишлар сақланиб қолса, Россия армиясига ҳали эгалланмаган 490 минг квадрат километр (Украинанинг 81 фоизи) ҳудудни забт этиш учун 230 йил керак бўлади. Бу жараёнда эса тахминан 101 миллион нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлиши мумкин.