Россияда самарадорлик вазирлиги ёки давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш вазирлигини ташкил этиш таклиф этилди. Бу ҳақда «Известия» газетаси «Аванти» ишбилармонлик ватанпарварлигини ривожлантириш бўйича тадбиркорлар ассоциацияси раҳбари Раҳмон Янсуков Россия бош вазири Михаил Мушустинга йўллаган хатга асосланиб хабар берди.
Хатда таъкидланишича, Россия иқтисодиёти Ғарб санкциялари билан боғлиқ муаммоларга тўқнашмоқда. Федерал давлат дастурлари ва кўплаб ижтимоий мажбуриятлар туфайли мамлакат бюджети босим остида. Бундан ташқари, айрим амалдорлар исрофгарчиликка йўл қўймоқда. Шу боис бюджет харажатлари самарадорлиги биринчи даражали аҳамиятга эга.
Тадбиркорларнинг фикрича, бюджет харажатларини оптималлаштиришнинг энг маъқул чораларидан бири махсус федерал ижро этувчи орган — самарадорлик вазирлиги ёки давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш вазирлигини ташкил этишдир.
Янги вазирлик давлат бошқарув жараёнларини соддалаштириш, қоғозбозликка қарши курашиш, бир-бирини такрорловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб уларни қисқартириш, федерал агентликларни қайта тузиш ва харажатларни камайтириш каби вазифаларни бажаради.