Оператив штаб маълумотига кўра, сўнгги бир кунда 11 минг 12 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, шундан 5551 ҳолат - пойтахт Москвада қайд этилган. Кейинги ўринларда Москва вилояти (20,5 минг киши) ва Санкт-Петербург (7 404 киши) жойлашган.
Россияда жами зарарланиш ҳолатлари сони 209 688 тага етган, Москвада 109 740 ҳолат.
Штаб маълумотига кўра, сўнгги аниқланган ҳолатларнинг қарийб ярмида (42,4 фоизи) инфекциянинг клиник аломатлари бўлмаган.
Мамлакатда сўнгги бир кунда 88 киши коронавирус оқибатида вафот этди, шундан 58 киши ўлими Москвада қайд этилган. Россияда эпидемия бошланганидан буён Covid-19 беморларининг 1915 нафари вафот этган.
Сўнгги бир кунда 2390 бемор соғайган, шундан 1011 киши - Москвада. Россияда шу вақтгача 34 306 бемор соғайган.
Россия жаҳонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони кўплиги бўйича жаҳон рейтингида бешинчи ўринда қолмоқда. Тўртинчи ўриндаги Буюк Британияда беморлар сони сўнгги бир кунда 3,8 мингдан ортиқроқ ўсиб, 215 мингдан ошган. Россия бир кундан кейин Буюк Британиядан ўзиб кетиб, тўртинчи ўринга кўтарилиши эҳтимоли юқори.
9 май куни Москва шаҳридаги коронавирусга чалинганлар даволанаётган Спасокукоцкий номидаги клиник касалхонада ёнғин содир бўлди. Натижада бир киши ҳалок бўлган. Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин туфайли эвакуация қилинган 300га яқин беморнинг 108 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлардир.
Аввалроқ Москва мэри Сергей Собянин Россия пойтахтида ўзини изоляция қилиш режимини ва рухсатнома бўйича ҳаракатланиш тизимининг амал қилиш муддатини 31 майга қадар узайтирганди. Москваликлар транспортда, жамоат жойларида ва ишлаб чиқариш ҳудудларида тиббий ниқобда ҳаракатланиш мажбурий қилиб қўйилган.