17 ноябрь куни Россиянинг Кемерово вилоятида Ан-12 ҳарбий самолёти ҳалокатга учради. Ҳодиса Кемерово аэропорти яқинидаги Ягуново қишлоғи атрофида содир бўлган. Бу ҳақда НГС42.РУ ва РЕН TV хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт бортида 13 нафардан 17 нафаргача одам бўлган. “112” Telegram канали ва РЕН TV уларнинг барчаси ҳалок бўлганини ёзмоқда.
Шот Telegram каналида айтилишича, самолёт парвоз вақтида ёниб кетган, сўнг кескин пастлай бошлаган ва ерга қулаганидан кейин портлаган. “База” нашри ҳам самолёт ҳавода ёниб кетганини хабар қилган.
Кемерово вилояти губернатори Илья Середюк Ягуново қишлоғи яқинида авиация ҳодисаси содир бўлганини тасдиқлади.
“Ҳодиса жойига йўл олдим. У ерда тезкор хизматлар ишламоқда. Вилоят томонидан зарур ёрдам кўрсатилмоқда”, — деди губернатор.
Унинг қўшимча қилишича, ҳодисанинг барча тафсилотлари ваколатли идоралар томонидан ўрганилмоқда.
Ҳозирча самолётнинг қулаш сабаби ва қурбонлар сони расман тасдиқланмаган.