Россия ҳукумати аёллар учун ҳарбий хизматнинг энг юқори ёшини 45 ёшдан 50 ёшгача ошириш бўйича қонун лойиҳасини Давлат Думасига киритди. Ҳужжат парламент қуйи палатасининг маълумотлар базасида эълон қилинди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Маълум бўлишича, захирадаги аёл офицерлар ва бошқа унвондаги аёллар учун хизмат ёшининг энг юқори чегарасини мос равишда 50 ёшдан 55 ёшгача ва 45 ёшдан 50 ёшгача ошириш таклиф этилмоқда. Бу шуни англатадики, аёл офицерлар 55 ёшгача, бошқа унвондаги аёллар эса 50 ёшгача сафарбарликка жалб этилиши мумкин.
Тушунтириш хатида таъкидланишича, тегишли қонун лойиҳаси “аёл ҳарбий хизматчилар учун қўшимча ижтимоий кафолатлар” яратиш учун зарур.
Ҳужжат муаллифларининг қайд этишича, ҳарбий хизмат учун ҳозирги энг юқори ёш ҳар доим ҳам пенсия ва бошқа қўллаб-қувватлаш имтиёзларига эга бўлиш учун етарли стаж тўплашга имкон бермайди.
Масалан, 25-30 ёшида шартнома имзолаган ва пенсияга чиқиш учун имтиёзли стаж белгиланмаган ҳудудда хизмат қилаётган аёл ҳарбий хизматнинг энг юқори ёшига етгач, имтиёзли уй-жой ва пенсия ололмаслиги мумкин.
Ҳукумат, шунингдек, Украина билан уруш шароитида тиббиёт ходимларининг аксарияти аёл ҳарбий хизматчилар, шу жумладан ҳарбий хизматнинг энг юқори ёшига етган (етаётган) аёллар эканини таъкидлади.