Эрбил шаҳридаги Россия Бош консулхонаси Украинaдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун ироқликларни вербовка қилаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этди, деб ёзади The New Arab.
«Россия дипломатик ваколатхоналари минглаб ироқликларни ёллаётгани ҳақидаги барча айбловлар — бу миш-мишлар», — дейилди дипломатик муассаса баёнотида. Шунингдек, жанговар ҳаракатларда иштирок этган ёки ҳалок бўлган ироқликлар ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмаслиги таъкидланди.
Айбловларга сабаб бўлган ҳолат — ижтимоий тармоқларда тарқалган, гўёки Россияда тайёргарлик кўраётган ироқликлар акс этган видеолар. Ироқ ҳукумати фуқароларни шубҳали иш таклифларидан огоҳлантирмоқда.
Бундан аввал Россиянинг Багдаддаги элчиси Элбрус Кутрашев ироқликларнинг Россия армиясига қўшилган «бир нечта ҳолат»ини тасдиқлаган эди. «Багдаддаги элчихона урушда ҳалок бўлган икки ироқлик фуқаронинг қариндошларига виза берган», — дея маълум қилди дипломат.