2 ноябрга ўтар кечаси ва шу куни ерталаб Украина пойтахти осмонида Россия армиясининг учувчисиз учоқлари уриб туширилди, шундан сўнг шаҳарнинг бир қанча ҳудудларида ёнғин бошланди. Украина давлат фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра,Святошинский туманидаги 16 қаватли турар-жой биносининг юқори қаватларидаги хонадонлар ёниб кетган ва қисман вайрон бўлган.
Киев шаҳар ҳарбий бошқармаси маълумотларига кўра, Россия учувчисиз учоқларининг қолдиқлари олтита туманга – Соломенский, Святошинский, Шевченковский, Голосеевский, Печерский ва Днепровский туманларига тушган. Бунинг оқибатида келиб чиққан ёнғинлар ўчирилган.
Айни пайтда, 1 ноябр куни Харков марказида рус қўшинларининг зарбасидан сўнг жабрланганлар сони 46 кишига етди, – дея хабар бермоқда Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати. Мавжуд маълумотларга кўра, ракета зарбасидан сўнг икки қаватли турар-жой биноси бутунлай вайрон бўлган, кўп қаватли уйлар, гаражлар ва автомобилларга зарар етган.
Аввалроқ, ҳужум украиналик полициячилар жойлаштирилган жойда содир бўлгани, натижада полиция полковники Андрей Матвиенко ҳалок бўлгани, кўплаб ярадорлар касалхонага ётқизилгани хабар қилинган эди.