“Медуза” нашрининг хабар беришича, Россиянинг Ростов-Дон шаҳри, Октябрский тумани суди бир эркакни маъмурий жавобгарликка тортди. У “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида “Толибон” ҳақидаги пост остида ҳақоратли изоҳ қолдирган. Суд буни “нафрат уйғотиш” деб баҳолади.
“Осторожно, новости” Теlegram каналининг ёзишича, бу шахс 19 ёшли Егор А. ҳисобланади. “ВКонтакте” тармоғидаги постда "Афғонистондаги “Толибон” Россияни анор, майиз, Cоcа-Cола, гиламлар ва пахта билан тўлдиради", деб ёзилган эди. Егор А. унинг остига:
"Ғорликларнинг Россияда нима иши бор?", деган мазмунда ҳақоратли изоҳ ёзган.
Суд ушбу изоҳни Россия ва Афғонистон халқлари ўртасида нафрат ёки адоват уйғотади деб топди. Шунингдек, Егор А. мигрантлар ҳақида ёзган яна иккита изоҳи учун ҳам айбланди. Суд қарорида айтилишича, судланувчи ўз айбига иқрор бўлган ва пушаймонлигини билдирган. Унга 10 минг рубл миқдорида жарима солинди.
2021 йилда Афғонистонда ҳокимиятга келган “Толибон” ҳаракати Россияда тақиқланган ва террористик ташкилотлар рўйхатига киритилган эди. Бироқ 2024 йил декабр ойида Россия Давлат Думаси уни ушбу рўйхатдан чиқариш тўғрисида қонун қабул қилди. 2025 йил апрел ойида эса Россия Олий суди “Толибон”ни террористик ташкилотлар рўйхатидан бутунлай чиқарди.