3 декабрь куни Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяна Умерова Россиянинг Стратегик ташаббуслар агентлиги (СТИ) бош директори Светлана Чупшева ва Ижодий иқтисодиётни ривожлантириш маркази директори Екатерина Черкес-Заде билан учрашди.
Учрашувда ижодий соҳаларни ривожлантириш, жумладан, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, таълим дастурларини яратиш борасида тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар қўшма тренинглар ва акселерация дастурларини ўтказиш, шунингдек, икки мамлакат ижодий жамоалари ва компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик платформаларини яратиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Учрашув якунида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ва СТИ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат қўшма ташаббусларни амалга ошириш, ижодий лойиҳалар учун инфратузилмани ривожлантириш, Ўзбекистон ва Россия ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича келишувларни мустаҳкамлади.
Меморандумнинг имзоланиши маданият ва ижодий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.