Россия махсус хизматлари тобора кўпроқ “бир марталик агентлар”га таянмоқда. Бу ҳақда Германия Конституциясини ҳимоя қилиш федерал бошқармаси (BfV) маълум қилди.
"Россия учун Германияда ўз агентларини жойлаштириш тобора қийинлашмоқда. Шу сабабли, Москва сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали ёлланиб, алоҳида топшириқларни бажарувчи агентлардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда", — деди BvF раҳбари ўринбосари Зинан Зелен.
Унинг сўзларига кўра, бундай ёлланган шахслар “қуйи даражадаги агентлар” ёки “бир марталик агентлар” деб аталади.
"Асосан, ижтимоий тармоқларда Россияни қўллаб-қувватловчи баёнотлари билан танилганлар ёлланади. Улардан пул эвазига саботаж, ёлғон маълумот тарқатиш ёки жосуслик учун фойдаланилади", — дея аниқлик киритди Зелен.
Унинг айтишича, Европа разведка хизматлари бир неча йиллардан буён Россия махсус хизматлари фаоллигининг сезиларли ошганини қайд этиб келмоқда.
"Германия алоҳида эътибор марказида турибди. Россия махсус хизматлари Украина урушининг натижасидан қатъи назар, Европа учун узоқ муддатли хавф туғдиради", — дея қўшимча қилди Зелен.