Россия ҳудудларида ядровий зарба эҳтимоли юзасидан машғулотлар ўтказилди.
"4 октябр куни Россия Федерациясининг бир қатор ҳудудларида фуқаролик мудофааси ва ядровий-кимёвий ифлосланиш оқибатларини бартараф этиш бўйича ўқув машғулотлари бўлиб ўтди", деб хабар берди Baza Telegram канали. Машғулотлар, хусусан, Анапа, Уляновск, Когалим, Бузулук, Снежинск ва бошқа шаҳарларда ўтказилди.
Асосий эътибор кимёвий ифлосланиш оқибатларини бартараф этишга қаратилди. Машғулотларга кириш сифатида “душман томонидан инфратузилма объектларига ҳаводан ядровий зарба бериш” ҳолати ишлатилди. Икки кун олдин Россияда оммавий огоҳлантириш тизимларининг аудити ўтказилганди.
25 сентябр куни Владимир Путин Россия ядровий доктринасига ўзгартириш киритилишини маълум қилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Путиннинг баёнотларини масъулиятсизлик деб баҳолади.