Бу ҳақда Yle хабар бермоқда.
Фин телерадиокомпанияси маълумотларига кўра, 2025 йилда Петрозаводскдаги собиқ иттифоқ давридан қолган базада фаол тиклаш ишлари бошланган.
Сўнгги сунъий йўлдош суратлари ҳудуд ўсимликлардан тозаланганини ва майдонларда ўнлаб ҳарбий юк машиналари ҳамда бошқа техникалар пайдо бўлганини кўрсатмоқда. Ўтган йил кузда олинган суратларда 50 дан ортиқ транспорт воситалари қайд этилган.
Ҳарбий эксперт Марко Эклунди сунъий йўлдош суратларини таҳлил қилиб, базани тиклаш 2024 йилда Карелияда ташкил этилган янги 44-армия корпуси билан боғлиқлигини айтган. Корпус таркибида тахминан 15 минг ҳарбий хизматчи бўлиши мумкин ва уларни жойлаштириш учун янги казармалар, омборлар ва машғулот майдонлари қурилиши зарур.