"Сўнгги ойларда Европада содир бўлаётган қўпорувчиликка уринишлар алоҳида ҳодисалар эмас, балки Россия томонидан Европа Иттифоқи инфратузилмасини беқарорлаштириш учун амалга оширилаётган тизимли ҳаракатларнинг бир қисмидир", — деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Wеlt газетасига берган интервьюсида.
Калласнинг таъкидлашича, Россия Украинага кенг босқинни бошлаганидан бери Европада диверсиялар сони ортган. У мисол сифатида Болтиқ денгизидаги Estlink 2 сув ости кабелининг шикастланишини келтирди. Финляндия терговчилари бу ҳодисада Россиянинг “соя флоти”га мансуб Eagle S танкери иштирок этган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Шу муносабат билан Европа дипломатияси раҳбари Россия кемаларига нисбатан қаттиқроқ чоралар қўлланилишини эълон қилди.
Калласнинг фикрича, АҚШда ҳокимият Доналд Трамп жамоасига ўтганидан сўнг, Вашингтон Россияга нисбатан "қатъий ва кескин" ҳаракат қилиб, Киевни қўллаб-қувватлаши керак.
"Украинага ёрдам — бу хайрия эмас, балки барчамизнинг хавфсизлигимизга киритилган инвестициядир. Агар Қўшма Штатлар Россияга қаттиқ қаршилик кўрсатса, Хитой билан боғлиқ муаммолар олдини олади. Украинани қўллаб-қувватлаш америкаликларни келажакдаги можаролардан ҳимоя қилади", — дея қўшимча қилди у.