Гумонланувчи маст ҳолатда ўткир тиғли жисм билан бир хонадоннинг 5 нафар аъзосини сабабсиз пичоқлаган.
Қорақалпоғистонда ФВВга қарашли ҳарбий қисмда бир йиллик хизматни ўтаётган аскар 5 нафар фуқарони пичоқлагани айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Нукусдаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасининг иш юритувига олинганини ва тергов ҳаракатлари давом эттирилаётганини билдирди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 3 январь куни Нукусда ФВВга қарашли ҳарбий қисмда бир йиллик хизматни ўтаётган аскар ҳарбий қисмдан чиқиб кетиб, маст ҳолатда ўткир тиғли жисм билан эшиги очиқ турган хонадонга кириб ухлаб ётган 5 нафар фуқарони сабабсиз пичоқлагани ва бунинг оқибатида жабрланувчиларнинг бир нафари вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми ва 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) 2-қисми “а, л” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. 2005 йилда туғилган гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Жабрланувчиларнинг 1 нафари вафот этган, қолган 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Нукус ҳарбий прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борлимоқда.