Россия армияси сентябрь ойида Украинадаги жангларда 50 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчисидан айрилган. Уларнинг 28 минг нафаргачаси ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Bloomberg НАТОнинг юқори мартабали ҳарбий амалдорига таяниб хабар берди.
Манбага кўра, Россия қўшинлари катта йўқотишларга қарамай, Украина ҳудудида ҳужумларни давом эттирмоқда. Ҳарбийлар дронлар, артиллерия ва миналар билан ҳимояланган ҳудудларга юборилаётгани йўқотишлар кўпайишига сабаб бўлмоқда.
НАТО вакилининг баҳолашича, шу даврда Украина армияси 5 мингга яқин ҳарбийсини йўқотган. Бу рақам ҳалок бўлганлар ва яраланганларни ўз ичига олади.
Аввалроқ НАТО бош котиби Марк Рютте Россия армияси айрим ойларда 30–35 минг нафаргача ҳарбийсидан айрилаётганини билдирган эди.
Томонларнинг ҳарбий йўқотишлари ҳақидаги ушбу маълумотларни мустақил тасдиқлаш имкони йўқ.