Россия армиясига ёлланадиган Ўзбекистон фуқаролари истисносиз жиноий жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси хабар берди.
«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмайди. Фақатгина президент фармони билан фуқаролик бекор қилинади.
Консуллик Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра «ёлланиш» — хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтган.
Бош консулхона Ўзбекистон Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этгани тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини огоҳлантирган. Дипломатик идора ватандошларни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга чақирган.