Росатом Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғандан мамлакатда иккинчи атом электр станциясини қуриш бўйича таклиф олди. Бу ҳақда 25-октабр куни давлат корпорацияси раҳбари Алексей Лихачев РТ телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Бу Туркия президенти жаноб Эрдўғоннинг бизга берган таклифидир. Бу ҳақда у Россия президенти Владимир Путин билан гаплашган. Ҳозир эса биз ҳукумат даражасида Қора денгизда жойлашган Синоп участкасида Туркиядаги иштирокимизни кенгайтириш бўйича маслаҳатлашувлар олиб бормоқдамиз», — деди Лихачев.
7 октабр куни Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак Россия Синоп майдонида Туркиядаги иккинчи атом электр станциясини қуриш имкониятларини ўрганаётганини ва бу лойиҳа учун оптимал ечим тайёрлаётганини айтди.