Бугун 26 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Роналду ва Мессининг тақдири қандай кечади?

Роналду ва Мессининг тақдири қандай кечади?

Саноқли кунлардан сўнг футболчи бўйича ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси — жаҳон чемпионати старт олади. Россия мезбонлик қиладиган мазкур турнир кўп томонлама муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, бу мусобақа “Олтин тўп” тақдирини ҳам ҳал қилиб бериши мумкин. Мақоламизда шу ҳақда фикр юритамиз.

Шак-шубҳасиз, 2017-2018 йилги мавсумда “Олтин тўп”ни қўлга киритишда мундиал катта аҳамиятга эга. Агар асосий даъвогарлардан кимдир жаҳон чемпионатида каромат кўрсата олса, соврин ўшаники, аммо...

Муҳаммад Салоҳ — 10 фоиз

“Ливерпуль” етакчиси Муҳаммад Салоҳнинг жаҳон чемпионатида арзирли натижага эришишига ҳеч ким ишонмаса керак. Боиси, биргина мисрлик футболчининг ўйини Миср термасининг мундиалда ўзига хос портлаш юзага келтириши учун етарли бўлмаса керак. Қолаверса, Миср термасида бошқа Салоҳ йўқ. Аслида, гуруҳдан чиқишни ўзи учун ютуқ деб билган, аслида ҳам шундай бўлган термадан катта нарса кутиш ярамайди. Шу боис агар “Олтин тўп” совринига жаҳон чемпионатида қўлга киритилган натижа таъсир қиладиган бўлса, Салоҳ бу совриндан умид узса ҳам бўлади. Айтганча, Аллоҳнинг мўъжизасига ишонганимиз ва футболда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини билганимиз учун 10 фоиз кўрсаткични қолдирдик.

Роналду — 40 фоиз

Криштиану Роналдуда вазият бироз бошқачароқ. УЕФА Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган ва мазкур турнирда тўпурарга айланган португалиялик футболчининг мундиалдаги имконияти Салоҳникидан яхшироқ. Португалия учун мундиал кўзни қамаштирадиган турнир эмас, португаллар жаҳон чемпионатида ўйнашга ўрганишган, қолаверса, улар амалдаги Европа чемпионлари ҳисобланишади. Роналду жаҳон чепмионатида яхшироқ ютуққа эришиши мумкин, аммо Испания, Аргентина, Бразилия, Германия каби терма жамоалар олдида Португалия ҳар ҳолда кучсизроқ кўриниши табиий. Шунинг учун агар “Олтин тўп” тақдири мундиалга боғлиқ бўлса, Роналдунинг бу совринни эгаллаши мушкулроқ.

Месси — 60 фоиз

Аргентиналик футболчи “Олтин тўп”ни қўлга киритиш учун нисбатан яхшироқ имкониятга эга. Боиси, аргентиналиклар Португалияга нисбатан кучлироқ таркиб ҳосил қилишган. Термада Мессининг савиясига яқин футболчилар истаганча топилади. Аммо Аргентинанинг ҳимоясига ҳавас қилиб бўлмайди. Айнан шунинг учун ҳам мутахассислар Мессининг жаҳон чемпиони бўлишига унчалик ишонишмаяпти. Бироқ агар бош мураббий таркиб ва тактикани тўғри танласа ва Россиядаги мундиал Мессининг турнирига айланса, Аргентина жаҳон чемпиони бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда эса катта эҳтимол билан Лео навбатдаги “Олтин тўп”ини қўлга киритади. Чунки у шу пайтга қадар Ла Лига бош соврини, Испания кубоги ва чемпионат тўпурарлиги ҳамда “Олтин бутса”ни қўлга киритиб улгурди.

Бошқа вазиятда-чи...

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, агар мундиалда Франция, Германия ёки Бразилия, умуман Аргентина ва Португалиядан бошқа жамоа чемпион бўлса, бу “Олтин тўп”га таъсир ўтказмаса керак. Ҳар ҳолда Бразилия чемпион бўлган тақдирда “Олтин тўп”нинг Неймарга берилиши ёки Франция ғолиб бўлганида Гризманн ёки Мбаппенинг “Олтин тўп”га эга чиқиши бироз адолатсизлик, назаримизда.

Хуллас, вазиятни кузатамиз. Кўрамиз, “Олтин тўп”нинг навбатдаги соҳиби ким бўларкин?

 

Киритилди: 11:42 13.06.2018. Ўқилди: 6557 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!