Бугун 10 декабрь, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Республика перинатал маркази фаолияти янада такомиллаштирилади

Республика перинатал маркази фаолияти янада такомиллаштирилади


✅ Кейинги йилларда юртимизда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, муддатидан аввал туғилган гўдаклар учун ихтисослаштирилган реанимацион ва интенсив хизматларни ташкил этиш, кам вазнли чақалоқларни парваришлаш ҳамда реабилитация қилиш йўналишида салмоқли натижаларга эришилмоқда.

🔬 Замонавий тиббиёт ютуқлари чақалоқларда юзага келиши мумкин бўлган турли нуқсон ва хасталикларни ҳомиладорликнинг дастлабки босқичидаёқ аниқлаш ҳамда бартараф этиш имконини беряпти.

🏥 Бундай илғор диагностика ва муолажа усуллари ҳозир Республика перинатал марказида ҳам кенг қўлланилмоқда. Бу эса оналар ва болалар саломатлигини таъминлаш йўналишида ижобий натижаларга асос бўляпти.

➡️ Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ушбу муассасада беморлар учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, марказ ходимлари билан мулоқот қилар экан, эришилган натижаларни таҳлил қилиш баробарида, келгусида қилинадиган ишларга тўхталди.

💬 Қайд этилганидек, муассасада эрта туғилган чақалоқлар реабилитацияси, туғма нуқсонли болаларда ўтказиладиган неонатал амалиётлар сони йил сайин кўпаймоқда. Бу ерда илк бор ўзбек шифокорлари томонидан қўшни Қирғиз Республикасида туғилган сиам эгизаклари ўта ноёб операция натижасида ажратиб олиниши муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этилганди.

🟢 Шу билан бирга, марказда айрим касалликларни гўдакнинг ҳомилалик даврида, яъни она қорнидаёқ бартараф этишга имкон берувчи фетал тиббиёт тажрибасидан ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда.

📊 Айни пайтда муассасада ҳар йили турли аъзоларида туғма нуқсони бўлган чақалоқлар ва эмизикли болаларда 550-600 тадан ортиқ мураккаб юқори технологик операциялар ўтказиляпти.

📌 Соғлиқни сақлаш вазири марказ ходимлари билан мулоқот давомида бундай илғор диагностика ва даволаш усулларини ҳудудларда ҳам кенг татбиқ этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.

➡️ Республика перинатал маркази ходимлари ҳудудларга бориб, пастга тушган ҳолда жойларда неонатология хизматини ривожлантириш, чақалоқлар реанимацияси бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштиришга услубий ёрдам кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.

🔎 Мулоқот чоғида айтилганидек, муассасада тиббий туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Аммо бу имкониятдан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Шу сабабдан бу ерда тиббий туризмни ривожлантириш бўйича 2025 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланади.

‼️ Ўз навбатида, мутахассислар малакаси ва марказ илмий салоҳиятини ошириш, эрта турмуш ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, эрта скрининг дастурларини амалиётга самарали жорий этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Киритилди: 17:10 04.12.2024. Ўқилди: 572 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!