Бугун 28 декабрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

РЕНЕССАНС — ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТЛАРИ ПОЙДЕВОРДИР

РЕНЕССАНС — ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТЛАРИ ПОЙДЕВОРДИР

“Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”
(юнон файласуфи Аристотель)

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кенг кўлами таълим тизими билан боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундай ислоҳот мактабгача таълим-тарбия тизимидан бошланди. Мактабгача таълим муассасаларида тарбиячилар тайёрлашнинг механизми янги поғонага кўтирилди. Бу борада қисқа фурсатда кенг кўламли натижаларга эришилди.

Бундан ташқари айтишимиз мумкин бўлган ислоҳотлардан бири шуки, 11 йиллик мактаб таълимига қайтилиши болаларимизнинг таълим олиш сифати ва тарбиясини янада кўтариш имконини берди. Умумий ўрта таълимдаги ўзгаришлар ҳам жадаллик билан кетмоқда. Олий таълим муассасаларида ўқитиш тизими ривожланган хорижий давлатларннг илғор тажрибалари асосида қайта ташкил этилмоқда. Миллий таъзим тизимини ислоҳ қилиш ёрқин келажак сари зафарли қадамлардан бири ҳисобланади, албатта.

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратганликлари таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон Республикаси томонидан таълим тизимини ислоҳ қилинаётганлигини, бу борада ёшларга оид давлат сиёсатининг роли ва аҳамиятини халқаро миқёсда намоён қилиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари айтганларидек, “Ёшлар ҳуқуқи деганда, биз, биринчи навбатда, уларнинг тинч ва соғлом яшаш ҳамда таълим олишга бўлган тўлақонли ҳуқуқини тушунамиз. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади”.

Ҳозирги пандемия даврида кўпгина давлатларда иқтисодий ночорлик кузатилаётган бўлсада, лекин Ўзбекистон Республикасида таълимга бўлган эътибор ва уни ривожлантириш ҳаракатлари янада жадал тус олмоқда. Бундай ҳаракатлардан жаҳон ҳамжамияти ҳам лол қолмоқда. Жумладан, мазкур уқув йили бошланишида қарийб 650 минг нафар 1-синф ўқувчисига Президент совғалари сифатида 72 миллиард сўмлик ўқув қуроллари топширилди. Шунингдек, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болаларга қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуролларидан иборат 426 миллиард сўмлик моддий кўмак берилди. Айни вақтда, бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи ва педагогларнинг саломатлигини асраш мақсадида мактабларни зарур тиббий ва антисептик воситалар билан таъминлаш учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 17 миллиард сўм маблағ ажратилди. Кейинги вақтда мамлакатимизда мактаб таълими умуммиллий ҳаракатга айланиб, соҳа ривожида янги давр бошланганидан хабардормиз. Ана шу ҳаракатнинг амалий ифодаси сифатида сўнгги икки йилда 556 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 77 та янги мактаб қурилди. 1 минг 930 та мактабда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Шу билан бирга, хусусий таълим тизимига кенг йўл очилмоқда. Бу борада лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Ўтган уч йил давомида уларнинг сони 6 марта ошиб, 140 тага етгани диққатга сазовордир. Математика ҳамда кимё-биология фанларини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилинди. Уларга асосан ҳар бир туман ва шаҳарда ана шу фанларга ихтисослашган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади. Шу йилнинг ўзида математика йўналишида 56 та, кимё-биология йўналишида 27 та мактаб ташкил этилгани бу ишларнинг бошланишидир. Пандемия даврида бундай чора-тадбирларни амалга ошириш қаҳрамонона ҳаракат, десак муболаға бўлмайди.

Учинчи Ренессанс масаласига тўхталадиган бўлсак, стратегик вазифа сингари миллий ғоя даражасига кўтарилмоқда. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни деб баҳоладилар, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев. Шу муносабат билан ҳам таълим тизими тарихида биринчи маротаба 14 нафар синф раҳбари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди. Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишини, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши масаласига қатъий тўхталиб ўтилди. Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, ўқитувчи-профессорларга бўлган эътибор – ёрқин келажакка бўлган эътибор деб таърифлаш мумкин.

Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда 47 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг сони 125 тага етди. Профессор-ўқитувчиларнинг хориждаги олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот масканларида малака ошириши ва стажировка ўташини таъминлайдиган механизм яратилди. Уларнинг ойлик иш ҳақи миқдори 2018 йилга нисбатан ўртача 2,5 баробар оширилди. Бу йилдан бошлаб 10 та олий таълим муассасаси ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилди. Шу жумладан, Тошкент давлат юридик университети ҳам ўзини ўзи молиялаштирадиган тизим асосида фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5847-сонли Фармонида белгилаб қўйилган чора-тадбирларни амалга оширишда Тошкент давлат юридик университети жонбозлик кўрсатмоқда, деб айтиш мумкин. Университетимиз халқаро олий таълим маконига қўшила бошлади. Жумладан:

- Халқаро (IAU) ва Европа (EUA) университетлар ассоциациялари, Халқаро (IALS) ва Европа (ELFA) юридик мактаблари ассоциациялари, Observatory Magna Charta Universitatum каби нуфузли ташкилотларга аъзоликка қабул қилинди;

- Ўқув режа ва дастурлари энг илғор хорижий тажриба асосида тубдан қайта ишланди, ўқитишнинг замонавий услублари кенг жорий этилмоқда. Ўқув жараёнини тўла рақамлаштириш ва замонавийлаштиришга қаратилган “Электрон университет” (E-University) тизими ишга туширилди;

- Хорижий ҳамкорлар билан “икки томонлама диплом” (double degree) тақдим этишни назарда тутувчи қўшма таълим дастурлари жорий этилмоқда;

- Университет илмий салоҳияти 38 фоизга етиб, профессор-ўқитувчиларимиз томонидан нуфузли Scopus халқаро илмий базасига киритилган журналларда 70 дан ортиқ мақолалар чоп этилди.

Юртбошимиз томонидан эътироф этилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда Биз – уқитувчи-профессорлар Ҳукуматимиз томонидан, Университетимиз раҳбарияти томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Сарбон Уралов Сардорович,

Тошкент давлат юридик университети

 Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси

        

 

Киритилди: 12:11 09.10.2020. Ўқилди: 4824 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!