Бугун 13 октябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ректор Шерзод Қудратхўжа пойтахт аҳолисига илтимос билан чиқди

A A A
Ректор Шерзод Қудратхўжа пойтахт аҳолисига илтимос билан чиқди

Ўзбекистондаги олий таълим даргоҳларида 5 сентябрь кунидан янги ўқув йили бошланди. Айни пайтда қатор марказий шаҳарларда, хусусан Тошкентда талабаларни ётоқ жой билан таъминлаш масаласи кун тартибига чиқмоқда. ОТМлар ётоқхоналарида жой етишмаслиги, "уй бозорлар"ида нархларнинг кескин ошиб кетгани, кўплаб талабаларнинг ўқишлар бошланишига қарамай, ҳамон яшаш жойига эга бўлмагани кузатилмоқда.

Ҳолат бўйича маълумот тақдим этган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котибига кўра, мазкур масала ўша вақтнинг ўзида ечим топган. Бироқ бошқа ОТМлар талабаларида ҳам вазият яхши эмас. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжа ушбу масала юзасидан пойтахт аҳолисига мурожаат билан чиқди.

"Азиз ватандондошлар, азиз Тошкент аҳли! Йил сайин ОТМ кўпаймоқда, квоталар ошмоқда, талабалар турар жойлари табиийки қурилишига улгурмаяпти. Илгари 77 та ОТМ бўлган бўлса, сўнгги 6 йилда 177 та бўлди, талабалар 231000 дан қарийб 800000 бўлди. Талабаларимизга уй-жой етишмаяпти, мавжуд талабалар турар жойи деярли тўлди. Мабодо Сизда, қариндошингиз, танишингиз ҳовлисида, хонадонида жой бўлса, ижарага беринг, савоб бўлади илми толибга берсангиз.

Солиқ тўламайсиз, уйингизга барака киради! Миллат жипслашади, қадриятлар тикланади! Миллат аҳил бўлса, боласи кўчада қолмайди! Йигитлар боболарга, қизлар бувижонларга дастёр бўлади. Тилни билганлар болаларингизга муаллим бўлади. Биз Юнусобод тумани, Марказ 5 жойлашганмиз…шу ерга ёзинг!

Ректорга ва Университетга жиддий ёрдам берган бўласиз, олдиндан раҳмат!" - дея ёзиб қолдирди ректор.

Шунингдек, журналист Аброр Зоҳидов ҳам кенг жамоатчиликка илтимос билан чиқди.

"Дўстлар, ҳамма олий ўқув юртлари ёнида вилоятлардан юклари билан келиб, қаёққа боришни билмай турган ота-оналар ва талабалар бор. 1-2 нафардан бўлса ҳам уйимизга олиб кетайлик. Бир кун минг кун эмас, жой топиб олгунларича қўллаб турайлик. Катта шаҳарнинг ҳайбати уларнинг руҳиятига шафқатсиз таъсир қилмасин!"- дейди Зоҳидов

Эслатиб ўтамиз, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш маркази ходимлари "уй бозори"да бўлиб, 50 нафар талабани яшаш жой билан таъминлашга кўмаклашди.

Киритилди: 15:04 07.09.2022. Ўқилди: 4352 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!