Бугун 25 сентябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

"Реал" Тебасга қарши чиқди: "Ла Лигага янги раҳбар керак"

"Реал" Тебасга қарши чиқди: "Ла Лигага янги раҳбар керак"

"Реал" ва Ла Лига президенти Хавьер Тебас ўртасидаги зиддият яна кучайди. Мадрид клуби расмий баёнот билан чиқиб, Тебаснинг сўнгги фикрларини кескин танқид қилди.

Можаро "Атлетико"га қарши 1:2 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин авж олди. Ўша баҳсдан сўнг "Реал" бош мураббийи Жозе Моуринью ҳакам Ортис Арьяснинг айрим қарорларидан норози бўлган эди. Хусусан, у Ли Кан Ин ва Кристиан Ромерога нисбатан қаттиқроқ жазо қўлланмаганини танқид қилган.

Кейинчалик AS нашри Ҳакамлар техник қўмитаси Ли Кан Ин майдондан четлатилиши керак бўлган, деган хулосага келганини ёзди.

Шундан сўнг Хавьер Тебас "Реал" ва клубнинг Real Madrid TV телеканалини ҳакамларга босим ўтказишда айблади. Бу эса Мадрид клубининг қаттиқ муносабатига сабаб бўлди.

"Ла Лига президенти ўз лавозимидан фойдаланиб, оммавий чиқишларида доимий равишда "Реал"ни нишонга олаётганини қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Барча клублар манфаатини ҳимоя қилиши керак бўлган раҳбарнинг фақат бизнинг клубга бу қадар кўп эътибор қаратиши жиддий саволлар туғдиради", — дейилади "Реал" баёнотида.

Клуб Тебаснинг "Реал" стратегиясини баҳолашга уринишини ҳам ноўрин деб атади.

"Испания профессионал футболига бетарафлик тамойили асосида ишлайдиган янги раҳбар керак, деб ҳисоблаймиз. Ла Лига президенти чемпионатнинг эгаси эмас. У клублар ишонч билдирган бошқарувчи эканини англаши лозим", — дея қўшимча қилди Мадрид клуби.

64 ёшли Хавьер Тебас 2013 йилдан бери Ла Лига президенти сифатида фаолият юритиб келмоқда. У аввалроқ "Реал" мухлиси эканини ҳам бир неча бор айтган.

Киритилди: 11:45 23.09.2026. Ўқилди: 487 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!