Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар бермоқда. Унга кўра, “Streetpark Systems” МЧЖ (Poytaxt parking) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жойлашган пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи хизматларни кўрсатиш бўйича устун музокара кучига эга экан. Яъни, содда қилиб айтганда, монополист.
«Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, жорий йилнинг 22 декабрь кунидан эътиборан ”Streetpark Systems” МЧЖ (Poytaxt parking) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жойлашган пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи хизматларни кўрсатиш бўйича устун музокара кучига эга деб эътироф этилди», дейилади қўмита хабарида.
Шунингдек, қўмита "Рақобат тўғрисидаги" қонуннинг 18-моддасига мувофиқ устун музокара кучига эга деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари тақиқланишини билдириб, ушбу ҳаракатларни санаб ўтган.
Хўш, энди нима бўлади? Streetpark Systems МЧЖнинг ахборот тизими оператори сифатида ҳам монопол мавқеи қайд этиладими? Ёки мазкур «парковка»лар бўйича ахборот базаси барчага тенг шароитларда очиладими? Бузилган мувозанатлар тикланадими? Аукционлар қайтадан ўтказиладими? Ёки қўмита шунчаки ахбарот бериб, биз сиз томондамиз деб қўяверадими? Натижалар албатта муҳим, аммо унинг амалий самаралари ҳам бўлиши керак, акс ҳолда бу натижаларнинг халққа ҳеч қандай фойдаси йўқ.