Яманнинг "Ансор Аллоҳ" исёнчи ҳаракатидан ҳусийлар Қизил денгиздаги Eternity C юк ташувчи кемасига ҳужум қилганидан сўнг қутқарув гуруҳлари бедарак йўқолган денгизчиларни қидиришни тўхтатди.
Бу ҳақда манбаларга таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.
Уларга кўра, 9 июль куни бошланган операция давомида Eternity C юк ташувчиси бортида бўлган 10 киши қутқариб олинди. Яманлик исёнчилар ҳужумидан омон қолган саккиз экипаж аъзоси ва икки қўриқчи Саудия Арабистонига етиб келди.
Қайд этилишича, 13 июль куни денгиз хавфсизлиги масалалари билан шуғулланувчи Грециянинг Diaplous ва Британиянинг Ambrey компаниялари Eternity C кемаси эгаси бедарак йўқолган денгизчиларни қидириш бўйича хусусий операцияни тўхтатишга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди. Агентлик маълумотларига кўра, 15 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади, улардан беш нафари ҳутийларнинг ҳужуми пайтида ҳалок бўлган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 7 июль куни Яманнинг Ходейда порт шаҳри ғарбида Грециянинг Cosmoship Management компанияси томонидан бошқариладиган Eternity С юк ташувчи кемасига ракета ўқ отиш мосламасидан бешта граната билан ҳужум қилинган эди. 8 июль ҳолатига кўра, кичик моторли қайиқларнинг ҳужуми давом этди, кеманинг ўзи жиддий шикастланган ва ҳаракатини йўқотган. 9 июль куни Reuters агентлиги кема ҳутийларнинг ҳужуми натижасида чўкиб кетганини хабар қилди. Умуман олганда, юк ташувчи бортида 25 киши, жумладан, учта қўриқчи бўлган. Экипаж таркибида 21 филиппинлик ва бир Россия фуқароси бор эди. АҚШнинг Ямандаги элчихонаси маълумотларига кўра, ҳутийлар Eternity C кемасининг тирик қолган баъзи экипаж аъзоларини ўғирлаб кетишган.