Турк маданияти ва мероси жамғармаси ҳамда Қизилорда вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Қозоғистон Республикаси Қизилорда вилоятининг Қармакши туманида жойлашган “Дада Қўрқут” ёдгорлик мажмуасида туркий халқларнинг фольклор ва мусиқа санъатига бағишланган “Қўрқут ва Буюк дашт садолари” VII халқаро фестивали бошланди.
“Адабиёт ва санъат” порталига Турк маданияти ва мероси жамғармасидан берилган маълумотга кўра, фестивалда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Тува ва Алтайдан келган 200 га яқин санъаткор иштирок этмоқда. Фестивал Қизилорданинг Қозоғистон пойтахти (1925–1927) деб эълон қилинганининг 100 йиллигига бағишланди.
Халқаро тадбирнинг мақсади — туркий халқларнинг бой маданияти, миллий мусиқаси ва маънавий қадриятларини тарғиб этиш ҳамда халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашдир.
Тантанали очилиш маросимида Турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти Актоти Раимқулова хоним ҳамда Қизилорда вилояти маданият, архив ва ҳужжатлаштириш бошқармаси раҳбари Жанмурат Сеилов чиқиш қилиб, фестивал иштирокчиларини табриклаб, уларга муваффақият тиладилар.
Байрам кечасида туркий мамлакатлардан келган анъанавий мусиқа санъати усталари ўзига хос чиқишлари билан томошабинларни қувонтирдилар.
Кейинги куни эса туркий давлатларнинг фольклор-мусиқа санъатига бағишланган “Қўрқут ва Буюк дашт садолари” халқаро фестивали доирасида “Дада Қўрқут мероси: туркий дунё учун умумий эпик қадриятлар” номли халқаро илмий-назарий конференция ўтказилди.
Конференцияда Турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти Актоти Раимқулова хоним, Қизилорда вилояти ҳокими Нурлибек Налибаев жаноблари, шунингдек, туркий мамлакатларнинг маданият, тарих ва адабиёт соҳасидаги етакчи олимлари ва экспертлари иштирок этдилар.
Тадбирнинг асосий мақсади — Дада Қўрқут мероси ва унинг эпик анъаналарининг туркий халқларнинг маънавий ҳамда маданий ҳаётидаги ўрни ҳақида ҳар томонлама муҳокама юритиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.
Конференция давомида Дада Қўрқут достони тарихий илдизлари, унинг туркий дунёдаги ўрни, шунингдек, замонавий маданият ва адабиётдаги акс этиши каби мавзулар муҳокама қилинди. Олимлар ўз янги илмий изланишлари натижаларини тақдим этиб, Дада Қўрқут меросини ўрганишда замонавий назарий ёндашувлар билан ўртоқлашдилар.
Турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти Актоти Раимқулова ўз нутқида конференция иштирокчиларини қутлаб, Дада Қўрқутнинг буюк меросини асраб-авайлаш ва уни жаҳон миқёсида тарғиб этишнинг муҳимлигини таъкидлади.
Конференция доирасида илмий маърузалар тингланди, панел муҳокамалар ўтказилди ва “Турк фольклор мероси” антологияси лойиҳаси доирасида “Турк қаҳрамонлик эпоси” туркумининг биринчи жилди тақдим этилди.
Тадбир якунида Қозоғистоннинг хизмат кўрсатган санъат арбоби, Т. Жургенов номидаги Қозоғистон Миллий санъат академияси доценти Улжан Байбосинова “Короғли” поэмасини ҳамда Сирдарё ўлкасининг бахшилик анъаналарига оид бир нечта парчаларни ижро этди.
Халқаро конференция туркий дунёда эпик ижод анъаналарининг бирлиги ва ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлиши билан бирга, туркий халқларнинг маънавий меросини асраш ва тарғиб этиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланди.