Молиявий мажбуриятларга масъулиятсиз ёндашиш қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатувчи жиддий ҳолат Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида юз берди. Бунда қарздор оила суд қарори билан ўз уйидан мажбурий тартибда чиқариб юборилди.
Воқеа шундай бўлган: Фуқаролар С.С. ва Д.М.лар А.Н.дан 25 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олиб, уйларини гаровга қўйишган. Бироқ, келишилган муддатда қарз қайтарилмагач, бу сумма ақл бовар қилмас даражада – 75 минг АҚШ долларигача ўсиб кетган. Натижада, даъвогар А.Н.судга мурожаат қилишга мажбур бўлган ва суднинг ижро варақасига асосан, гаровдаги уй унинг номига хатлаб берилган.
Қарздорлар ихтиёрий равишда уйни бўшатишдан бош тортганлари сабабли, Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг ижро варақаси Мажбурий ижро бюросининг Қўқон шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушди. Бюро ходимлари, қонунда белгиланган барча огоҳлантириш ва муддатларни берган бўлсалар ҳам, жавобгарлар уйни бўшатишмади. Оқибатда, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, С.С.лар оиласи мажбурий тартибда кўчирилди ва уйнинг калити қонуний эгаси А.Н.га топширилди.
Бу ҳолат ҳар бир фуқаро учун жиддий огоҳлик сабоғи бўлиши керак. Қарз олишда ва мажбуриятларни бажаришда эҳтиёткорлик, шартномаларни чуқур англаш ва молиявий масъулият – келажакдаги муаммоларнинг олдини олишнинг ягона йўлидир.
Қонун барча учун бирдек ва унинг талабларига риоя қилмаслик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.