Қўлқоплар қишнинг совуқ кунларида қўлларимизни ҳимоя қилиш билан бир қаторда уларни безаш вазифасини ҳам бажаради. Тарихда эса ушбу буюм ҳашамат ва башанглик рамзи саналган. Қуйида унинг тарихи ва у ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Вольтер Скотт романларида хонимлар севимли рицарларини топишни ният қилиб, қўлқопларни атайин тушуриб қўйишлари ёхуд рицарлар мусобақасида ўз суюклисига тақдим этгани баён қилинган. Хонимлар шу йўл билан ўз муҳаббатини ғойибона тарзда англатишга ҳаракат қилишган. Қўлқоп олишга муваффақ бўлган йигит хониминг ушбу туҳфасини кўз қорачиғидек асраб, уни қўлга олганда ёр васли кўз олдида намоён бўлган. Шундай экан, қўлқопларни маълум маънода муҳаббат тумори дея аташ ҳам мумкин.
* Рицарлар кимнидир дуэлга чақиришни ният қилсалар, унинг оёқлари остига қўлқоп ташлаган.
* Ҳакамлар адолат тимсоли сифатида қордай оқ қўлқоп кийганлар.
* Қадимги рус ўлкаларида қўлқоплар нафақат қўлларни иситиш, балки печ ичидаги хумчани ташқарига чиқариш учун қўлланилган бўлиб, айнан шу сабаб у дағал теридан тикилган ва ичи мўйна билан тўлдирилган.
* ХVII асрда қўлқоплар тери, ипак, тўр, атлас матоларидан тайёрлана бошлади. Аслзода аёллар гардеробида эса албатта, бир нечта қўлқоплар мавжуд бўлиши шарт ҳисобланган.
* ХIХ асрда илк қўлқоп ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастгоҳ ихтиро қилинди. Айнан шу вақтга келиб бармоқларсиз узун қўлқоплар ўйлаб топилган.