Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида автомобиллар тўқнашуви оқибатида 6 нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этди, яна тўрт киши касалхонага ётқизилди.
Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 6 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Нур.кз" хабар берди.
Қайд этилишича, 16 октябрь куни соат 07:30 да Бейнеу — Тажен йўлида JAC автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Автомобиль чегарадан ўтиш учун навбатда турган юк машинасига келиб урилган.
Машинада жами 10 киши бўлган, 6 киши ҳалок бўлган, қолган тўрт нафар йўловчи Бейнеу туман марказий касалхонасига ётқизилган. Жабрланганларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда, дейилади хабарда.
Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар Россиядан қайтаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган. ЙТҲда иштирок этган барча транспорт воситалари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган.
Маълумотга кўра, ушбу ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган. Воқеа ҳақида Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консуллигига хабар берилган.