Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Қозоғистонда қотилликка қўл урган ўзбекистонлик йигитга ҳукм ўқилди

Қозоғистонда қотилликка қўл урган ўзбекистонлик йигитга ҳукм ўқилди

Дунёда инсон яшар экан, албатта у атрофидагилар билан муомала қилади, алоқа ўрнатади. Бу боғланишсиз инсон жамиятда яшай олмайди. Шу сабабдан инсонларнинг бир-бирларига ҳожати тушади. Кимларнингдир маънавий, иқтисодий кўмаги ва ёрдамига муҳтож бўлади. Шу лаҳзаларда инсоннинг қадр-қиммати,кимлиги ва қандайлиги намоён бўлади. Тадбиркорлик билан шуғулланувчи Нурматжон (исми-шарифлар ўзгартирилган) ҳам бозорда тирикчилик ғамида арава судраб юрган Дилмурод билан яқиндан танишди-ю, унда бу йигитга ёрдам бериш истаги туғилди...

Сўнгги ташриф...

Дилмурод Юнусов Тошкент шаҳрида жойлашган «Абу-сахий» савдо комплексида аравада қўл юкларини ташиб юрганида, ушбу бозорда тадбиркорлик билан шуғулланувчи Нурматжон Каримов билан танишиб қолади. Нурматжон унга арава судраб юргандан кўра,сотувчилик қилишни таклиф қилади. Ойига 300 АҚШ доллари миқдорида маош тўлашини айтади. Оғир меҳнат жонига теккан Дилмурод унинг бу таклифига жон-жон, деб рози бўлади. Шундан кейин у Нурматжонга тегишли Қозоғистон Республикаси, Чимкент шаҳрида жойлашган «Алаш» савдо мажмуасидаги шахобчаларнинг бирида сотувчи бўлиб ишлай бошлайди. Нурматжон Каримов томонидан ижарага олинган Қозоғистон Республикаси, Чимкент шаҳри, 3-кичик тумани, 1-уй, 72-хонадонда яшай бошлайди. Нурматжон ҳар замонда бир бориб, Дилмурод билан ҳисоб-китоб қилар, савдодан тушган пулларни олиб, Ўзбекистонга қайтарди. Унинг Қозоғистонга қилган навбатдаги ташрифи охиргиси бўлди...

“Ҳақорат қилгани учун бўғдим”

Суд мажлисида судланувчи Дилмурод Юнусов эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

–2015 йилда тирикчилик мақсадида Россияга кетдим. Аммо ишим юришмади. 2016 йилнинг июль ойида Ўзбекистонга қайтиб келиб, “Абу-сахий” бозорида аравакашлик билан шуғуллана бошладим. Нурматжон билан шу ерда танишиб, яқин бўлиб қолдик. У менга Чимкент шаҳрида жойлашган савдо дўконида сотувчилик қилишни таклиф қилганида жудаям хурсанд бўлдим. Шундан кейин Қозоғистонга келиб, дўконда сочиқ савдоси билан шуғуллана бошладим. Нурматжон ҳар замонда бир-икки кунга келиб, мен билан ҳисоб-китоб қилар, савдодан тушган пулларни олиб кетарди. Ўша охирги келганида ҳам яхши ўтирдик, орамизда ҳеч қандай уруш-жанжал, келишмовчилик бўлмади. Эрта тонгда уйғониб, бозорга жўнадим. Бу пайтда Нурматжон ухлаб ётарди. Уни безовта қилмаслик мақсадида эшикни ташқаридан қулфлаб, ишимга кетдим. Соат тўққизларда Нурматжон қўнғироқ қилиб, нимага устидан қулфлаб кетганимни, иккинчи калит қаердалигини сўради. Мен иккинчи калитни йўқотиб қўйганлигимни, унинг уйқусини бузишни истамаганлигим учун ташқаридан қулфлаганимни айтдим. Нурматжон эса менга жаҳл қилиб бақириб, ҳақоратлай кетди. Зудлик билан келиб, эшикни очишни талаб қилди. Шундан кейин савдодан тушган 250.000 минг тангани чўнтагимга солиб, ижара уйга қайтдим. Келганимдан кейин Нурматжонга вазиятни тушунтиришга қанча ҳаракат қилмай, у мени уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилди, “ҳароми” деб бақирди. Бу гапга чидай олмадим, иккаламиз, олишиб кетдик. Жаҳлим чиққанимдан ўзимни бошқара олмай, уни диван устига йиқитиб, бўйнидан бўға бошладим. У типирчилашдан тўхтади, бурнидан қон келгандан кейин ўзимга келдим. Юзига бир-икки уриб кўрдим, фойдаси бўлмади. Шундан кейин унинг ўлганини билдим. Чўнтагидаги уяли алоқа воситасини олиб, ўчириб қўйдим. Қилган ишимдан қўрқиб кетиб, уни ипга осмоқчи, ўз жонига қасд қилгандек кўрсатмоқчи бўлдим. Аммо бу иш ўхшамади. Шундан кейин бошига қора полиэтилен пакет кийгизиб, скочлаб қўйдим ва мурдани айвондаги шкафнинг ичига яширдим. Кейин эшикни қулфлаб ташқарига чиқдим. Савдодан тушган барча пулларни ўзим билан олдим. Қилган ишимдан қўрқиб кетиб, Ўзбекистонга қайтдим. Шу ерда мени ички ишлар ходимлари қўлга олишди...

Ҳукм ўқилди...

Дилмурод Юнусов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилди. Унга нисбатан  14 (ўн тўрт) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

 

Наргиза Қосимова

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси,

Лола ШОИМОВА, журналист.

Киритилди: 12:07 08.10.2020. Ўқилди: 2980 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!