Маълумки, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг раиси Ш.Бакаев томонидан Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида хизматни ўтаётган ҳудуд профилактика инспекторлари учун махсус семинар-машғулот ўтказилди.
Мазкур ўқув семинар-машғулотида Мирзо Улуғбек туман ИИО ФМБ бошлиғи Ф.Хайдаров ва унинг соҳа бўйича ўринбосарлари, барча ИИБ бошлиқлари ҳамда туманда хизматни ўтаётган барча ҳудуд профилактика инспекторлари иштирок этдилар.
Учрашувда асосий эътибор ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, хусусан йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва жазо муқаррарлиги қатъий таъминлаш бу борада аҳолини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда коррупциявий омиллар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилди.
Шунингдек, туман суди раиси Ш.Бакаев томонидан, ҳудуд профилактика инспекторларига, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги ЎРҚ-720-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига янги киритилган - "Ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш" институтининг мазмун ва моҳияти, унинг ўзига хос хусусиятлари ва амалиётда қўллашда эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий жиҳатлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тадбирда, туман ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда ҳудуд профилактика инспекторлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди