Азов денгизи ва Қора денгизда Украина денгиз дронлари билан боғлиқ ҳодисалар халқаро баҳсларга сабаб бўлмоқда. Савдо кемаларига қилинган ҳужумлар ва дронларнинг назоратдан чиқиши бир қатор давлатларда турли реакцияларни келтириб чиқарди.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги 5 июнь куни Азов денгизида икки қуруқ юк кемасига қилинган ҳужум натижасида тўрт нафар Озарбайжон фуқароси ҳалок бўлганини, яна тўрт нафар денгизчи жароҳат олганини маълум қилди. Ҳалок бўлганлар орасида «Натра» кемаси экипажи аъзолари Ражаб Аҳадов ва Маҳаммад Алиев ҳам бор. Яна икки жасад «Зиркон» кемасида қолгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Боку ҳодиса учун ким жавобгар эканини очиқ баён қилмади ва кемалар Озарбайжон мулки эмаслигини таъкидлаб, расмий қоралаш билдиришдан тийилди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса кемалар Туркиядан Россияга йўл олганини ва ҳужумларда Украина дронлари иштирок этганини айтиб, Киевни айблади. Украина томони эса савдо кемаларига зарбаларни рад этмайди, аммо уларни Россиянинг «соя флоти» билан боғлайди.
Руминияда эса вазият бошқача баҳоланди. 5 июнь куни Констанца портида Украина денгиз дрони портлаб кетганидан кейин Руминия президенти Никушор Дан ҳодиса учун Россиянинг радиоэлектрон кураш тизимлари сабаб бўлганини айтди ва дрон Украинага тегишли эканини тасдиқлади. Шу билан бирга, мамлакат расмийлари мавжуд назорат тизимлари бундай янги турдаги денгиз дронларини самарали аниқлай олмаслигини ҳам тан олди.
Греция эса энг қаттиқ позицияни билдирди. Май ойида Лефкада ороли яқинида Украина денгиз дрони топилганидан сўнг Афина Киевга норозилик нотаси юборди ва кейинчалик расман узр сўради. Греция ТИВ Украинага бир неча асосий эътирозларни билдирди: дронларнинг Ўрта ер денгизигача етиб келиши миллий хавфсизликка таҳдид солиши, навигация хавфсизлигини бузиши ва экологик хатарларни кучайтириши таъкидланди.
Греция томони, шу билан бирга, Украина ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини тан олса-да, бундай ҳаракатлар тинч минтақалар учун оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этди ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслигини талаб қилди.
Умуман олганда, бир хил воқеалар турли давлатларда турлича қабул қилинмоқда: Озарбайжон эҳтиёткор, Руминия Киевни қўллаб-қувватловчи, Греция эса хавфсизлик нуқтаи назаридан қаттиқ позицияда турибди. Бу эса денгиз дронлари урушда янги ва баҳсли босқични бошлаб берганини кўрсатмоқда.