Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ачхой-Мартандаги ЙПХ постига ҳужум қилган шахснинг ҳаракатларига Украина фуқароси раҳнамолик қилганини маълум қилди ва "бу воқеа ортида турганларнинг" оилаларини республикадан чиқариб юборишни топширди.
Қодировнинг айтишича, кеча Ачхой-Мартандаги ЙПХ постига ҳужум қилган эркак воқеа жойида ўлдирилган. "Куч тузилмалари ва ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарияти билан йиғилиш ўтказдим. Ачхой-Мартанда полиция ходимларига уюштирилган ҳужум ва ҳужумчининг воқеа жойида йўқ қилингани муҳокама этилди. Унинг ҳаракатларига раҳнамолик қилган шахслар ҳам аниқланди. Уларнинг баъзилари Туркияда жойлашган бўлиб, уларнинг фаолиятини Украина фуқароси бошқармоқда," - дея ёзди Қодиров ўзининг телеграм-каналида.
Шунингдек, Чеченистон раҳбари хавфсизлик кучлари билан ўтказган йиғилиши видеосидан парчани эълон қилди. Унда у чечен тилида гапиради. "ИИВ ва Росгвардия ФХХ билан ҳамкорликда бу иш ортида турганларнинг ота-оналари ва ака-укаларини республика ҳудудидан чиқариб юбориши лозим. Уларнинг мол-мулки мусодара қилиниши керак. Агар улар шундан кейин ҳам ўзларини молиялаштирувчи Украина учун ишлашни тўхтатмаса, бошқа қариндошларини ҳам чиқариб юбориш зарур. Худди шу нарса ЙПХ постига ҳужум қилган шахсга ҳам тааллуқли," - дея Қодировнинг сўзларини келтиради ТАСС.