Қирғизистонда «Чегараолди ваколатли шахслари» тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича лойиҳа парламент муҳокамасига киритилди, деб хабар бермоқда Kloop нашри.
Ўзгартиришга кўра, Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегараолди ҳудудларида яшовчи фуқароларга ўқотар ва жанговар қурол бериши мумкин бўлади.
Ҳужжатда айтилишича, қуролни фақат «чегара олдида яшовчи ваколатли шахс» мақомига эга фуқаролар олиши мумкин. Фуқароларга ушбу мақом хавфсизлик қўмитаси томонидан берилади.
Ҳозирда амалдаги қоидаларда «чегара олдида яшовчи ваколатли шахслар»га қурол бериш кўзда тутилмаган. Фуқаролар давлат чегарасини қўриқлашда чегарачиларга ёрдам бериш учун жалб этилиши мумкин холос.
Аввалроқ Қирғизистон собиқ бош вазири Феликс Қулов чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолига қуролга эга бўлиш имконини бериш масаласини кўтарганди.