Президент Садир Жапаровнинг топшириғига биноан Қирғизистон Сурия халқига 150 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамини юборди. Ёрдам — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда, шунингдек Туркиянинг ваколатли органлари кўмагида етказилган.
Фото: Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси
Махсус акция доирасида Сурияга асосий озиқ-овқат маҳсулотлари — ун, гуруч, шакар, ўсимлик ёғи ва бошқалар топширилди.
«Мазкур гуманитар ташаббус Қирғизистон президенти ва халқининг тинчликни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда ёрдамга муҳтож мамлакатларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш йўлидаги садоқатини тасдиқлади», дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган хабарда.
Сурия ҳукумати вакиллари эса президент Аҳмад аш-Шаръа ва бутун халқ номидан Қирғизистон халқига миннатдорчилик билдирган:
«Сизнинг ёрдамингиз айни пайтда айниқса муҳим, Сурия халқи Қирғизистон ташаббусини биродарлик рамзи сифатида қабул қилади».
Фото: Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси
Маълум қилинишича, учрашув чоғида томонлар мавжуд муаммоли масалаларни, минтақавий кун тартибини ҳамда икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилган.