Бугун 4 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Қирғизистон космосга илк сунъий йўлдошини учирди

Қирғизистон космосга илк сунъий йўлдошини учирди

Қирғизистон учун янги космик давр бошланди — мамлакат илк сунъий йўлдошини орбитага чиқарди.

Қирғизистон ўзининг биринчи сунъий йўлдошини АҚШнинг Калифорния штатидаги Ванденберг космик базасидан SpaceX’нинг Falcon 9 ракета-ташувчиси орқали орбитага чиқарди. Йўлдош бир вақтнинг ўзида бир нечта космик аппаратни орбитага олиб чиққан ракета таркибида учирилган.

Лойиҳа Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлигида амалга оширилган. Йўлдошни бошқариш ва ундан фойдаланиш Бишкекдаги махсус марказ орқали амалга оширилади.

Учириш маросимида АҚШга ишчи ташриф билан борган Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам иштирок этган.

Янги сунъий йўлдошдан олинадиган маълумотлар қишлоқ хўжалиги ерлари, музликлар, сув ҳавзалари, ўрмонлар ва яйловларни кузатишда қўлланади. Шунингдек, табиий экотизимлардаги ўзгаришларни аниқлаш имкони пайдо бўлади.

Космик тасвирлар орқали табиий ресурсларни ноқонуний қазиб олиш, рухсатсиз чиқинди ташлаш ва атроф-муҳит ифлосланишининг бошқа ҳолатларини аниқлаш режалаштирилган.

Йўлдошнинг яна бир муҳим вазифаси — табиий офатларни олдиндан аниқлаш. Олинган маълумотлар қурғоқчилик, сув тошқини, кўчки, сел ва ўрмон ёнғинларининг дастлабки белгиларига тезроқ эътибор қаратиш имконини беради.

Келгусида сунъий йўлдошдан олинадиган маълумотларни давлатнинг рақамли тизимларига интеграция қилиш режалаштирилган. Улар ҳудудий хариталар яратиш, инвестицияларни режалаштириш ва давлат дастурларини назорат қилишда ҳам ишлатилади.

Қирғизистон расмийлари космик маълумотлар ва суперкомпьютер технологияларини бирлаштириш мамлакатнинг иқтисодий ва табиий ресурсларини янада аниқ ва самарали бошқариш учун янги имкониятлар яратишини таъкидлаган.

Киритилди: 22:30 02.10.2026. Ўқилди: 724 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!